ДАВЛАТ ТИЛИГА ОИД ҚОНУН ИЖРОСИГА БАҒИШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида  “Давлат тили ҳақида”ги қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган мониторинг  натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссиясида давлат тилини ривожлантиришга оид вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда  ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш,  ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган  фармонларида  белгилаб берилган устивор вазифалар муҳим омил бўлмоқда.

Турли миллатлар вакилларидан иборат  Марказий сайлов комиссияси меҳнат жамоасининг деярли барча аъзолари давлат тилини пишиқ-пухта билади. Сайлов комиссиясининг барча мажлислари, матбуот анжуманлари, брифинглар, конференциялар, семинарлар оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирокида давлат тилида ўтказилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат тилида ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Миллий сайлов тизимида давлат тилини жорий этиш ва ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг юксак самаралари 2019 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остида ўтказилган сайловлар жараёнида ҳам ёрқин намоён бўлди.

Комиссия биносида ўрнатилган барча ташқи ёзувлар, жумладан, эълонлар, кўргазмали бошқа ахборот матнлари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи фаолиятини,   тизимни давлат тилига доир зарур луғатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан нашр этилган замонавий луғатлар ва қўлланмалар билан таъминлашни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

 

18.11.2020 179