Юрак фаолиятидаги ўзгаришлардан огоҳлантирувчи белгилар

Агар сизда ўта семизлик, камҳаракатлилик, тановул вақти кўп туз истеъмол қилиш ҳолатлари кузатилса, бу  юрак фаолияти билан боғлиқ касалликларни келиб чиқариши мумкин. Юрак-қон томир касалликлари юзага келишига асосан  жисмоний ва эмоционал зўриқиш сабаб бўлади. Айнан мана шу таъсир сабаб юрак касалликлари хуруж қилади. Юрак хасталикларига қуйдагиларни мисол сифатида келтириш мумкин:

-Санчиқли оғриқ

-Ачишувчан оғриқ

-Эзиб оғрувчи

-Симиллаган оғриқ

Бундан ташқари, оғриқлар нафақат юрак соҳаси, балки тананинг бошқа аъзоларида ҳам сезилиши мумкин. Жумладан, бўйин соҳасидаги симиллаб, чўзилувчан турга мансуб оғриқ аста-секин чап елка ва қўлларга тарқалади. Юрак тўқимасининг зарарланган асаб толалари орқа миядан юқори ва пастга тарқалган “сигналлар”ни юборади. Ўз навбатида, бундай ўзгаришлар елка ва бўйин соҳасида акс этади. Мазкур оғриқ бир ерда тўпланмай, тарқалиб кетиши мумкин. Шунингдек, ҳолсизлик, камқувватлилик ва баъзан бош айланиши безовта қилиши, нафас қисиши кузатилса, шифокорга кўриниш учун етарли бўлади.

Қон айланишининг бузилиши кислород таъминотига тўсқинлик қилади

Агар ўз-ўзидан нафас олиш қийинлашиб қолса, бу стенокардиянинг илк белгилари бўлиши мумкин. Юрак фаолияти билан боғлиқ нафас қисишини ажратиш учун оғир юк кўтариш, руҳий зўриқиш ҳолатларида хуруж қилишига эътибор қилинг. Биз юрак оғриқлари асосан чап кўкрак соҳасида бўлишидан хабаримиз бор. Лекин айрим ҳолларда кўнгил айниши, лохаслик ва жиғилдон қайнаши, тана босимининг кўтарилиши ҳам касалликнинг эрта белгиларидан бўлиши мумкин. Одатда бундай белгилар юрак хуружи, инфаркт ёки миокарддан олдин кузатилади.

Тиш оғриғи ҳам касаллик аломатларидан бири бўлиши мумкин

Кутилмаганда тиш оғриғининг пайдо бўлиши нафақат оғиз бўшлиғи касалликлари, балки юрак-қон томир фаолияти билан боғлиқ безовталикларнинг белгиси бўлиши мумкин. Базан тиш оғриғини қанча даволатманг, оғриқ яна қайталаши мумкин. Бундай вақтда шифокорга кўриниш ва оғриқ юрак билан боғлиқлиги эҳтимолини текшириш лозим.

Қон босимининг ўзгариш ҳолатлари юрак-қон томир фаолияти билан боғлиқ

Бир ойда тез-тез такрорланувчи бош оғриғининг асаб қўзғалишлари билан юзага келиши ҳамда қон босимининг ўзгариши ҳолатлари юрак-қон томир фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бунда бош оғриғи тез-тез такрорланиб, кўз остида ёруғлик синиқлари акс этса, албатта шифокорга учраш зарур.

Юқорида келтириб ўтилган касалликни олдини олиш учун турмуш тарзини яхши тарафга ўзгартириш лозим. Бунинг учун  ҳазми оғир ёғлар ва туз миқдорини камайтириб, парҳез таомларга ўтиш ҳамда ўтроқ турмуш тарзидан чекланиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Шунингдек, бир кунда 3 км.дан 5 км.гача пиёда юриш ҳам юрак-қон томирлари фаолиятига ижобий таъсир этади.

 

 

12.12.2020 1855