Демократия ва сайловлар мавзуси ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича конференция эътиборида

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Варшава шаҳрида (Польша) Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Инсон мезонлари соҳасидаги мажбуриятларни бажариш таҳлилига бағишланган 23- кенгашининг иккинчи кунида демократия нормаларига риоя этиш ва демократик сайловларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Учинчи иш сессияси доирасида йиғилиш ташкилотчилари иштирокчиларни “Демократик институтлар, шу жумладан миллий, минтақавий ва маҳаллий даражадаги демократия, демократик сайловлар” - мавзусини муҳокама қилишга таклиф этдилар.

Ушбу масалани муҳокама қилиш чоғида Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Г.Раҳимова ўз нутқи билан иштирок этиб мамлакатимизда жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий вакиллик органлари сайловлари - Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеаси эканлигини таъкидлаб ўтди.

Қайд этилганидек, сайловларга тайёргарлик кўриш жамиятни демократлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, энг аввало ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловни кузатиш миссиясининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз сайлов тизимини модернизация қилиш шароитларида амалга оширилмоқда.

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон ушбу тавсияларнининг бир қисмини амалга оширди ва халқаро сайлов стандартларга жавоб берадиган ягона сайлов кодекси қабул қилиниши, миллий сайлов тизимига сайловларни бошқариш бўйича ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий этилиши, сайлов органлари фаолиятини такомиллаштириши ва бошқа қатор чора-тадбирлар бунинг мисолидир.

Шунингдек, Г.Раҳимова ўз нутқида бўлажак сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича амалий чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтди.

Хусусан, аҳолини бўлажак сайловлар борасидаги хабардорлигини ошириш режасининг бажарилиши; округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларини сайловларни ўтказишнинг барча жиҳатлари бўйича сифатли ўқитишга йўналтирилган каскад услубидаги тренингларни бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилганлиги; сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини амалиётга жорий қилиниши ва имконияти чекланган шахсларнинг овоз беришда иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратилиши бўйича саъйи-ҳаракатлар; бўлажак сайловларни ёритилишини самарали ташкил этиш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг колл-центр имкониятига эга Халқаро матбуот маркази фаолиятининг йўлга қўйилганлиги ва бошқа хозирлик кўрилаётган тадбирларга тўхталиб ўтди.

Аҳамиятлиси, Ўзбекистон халқининг эркин иродаси кафолати бўлмиш, демократик жараённи холис баҳолашга имкон берадиган бу йилги бўлажак парламент сайловларини ЕХҲТнинг ДИИҲБ миссияси томонидан кенг миқёсда кузатиб бориши алоҳида қайд этилди.

Маъруза якунида, Г.Раҳимова кўрилган чора-тадбирлар, шубҳасиз, давлат органларини шакллантириш жараёнида сиёсий партияларнинг фаол иштироки ва эркин рақобати учун, фуқароларнинг вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш учун конституциявий ҳуқуларини амага оширишда зарур шарт-шароит яратишини таъминлашда дастурил амал бўлишини қайд этди.

Конференция иши давом этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

17.09.2019 23
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.