ЕХҲТ иштирокчи мамлакатларининг Вена шаҳридаги доимий вакиллари ташрифига доир

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан, 20 та элчи – ЕХҲТ иштирокчи мамлакатларининг Вена шаҳридаги доимий вакилларидан иборат делегация Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф доирасида делегация аъзолари Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов билан ҳам учрашди.

Айтилганидек, шу йилнинг 22 декабрида Ўзбекистонда Парламент қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Мазкур сиёсий тадбир “Янги Ўзбекистон—янги сайловлар” шиори остида ташкил этилмоқда. Янги Сайлов кодексига асосан ўтказилажак бу галги сайловларда қатор ўзгаришлар кузатилмоқда.

Хусусан, кодексга мувофиқ Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150та ҳудудий сайлов округи тузилади. Илгари 135 та округ тузилган ва 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган. Эндиликда Ўзбекистон экологик партия ташкил этилгани боис, мазкур сиёсий тузилма депутатликка ўз номзодларини умумий сайловларга қўйган ҳолда қуйи палатадан ўрин эгаллаши мумкин.

Сайлов кодексида 30 га яқин шу каби янгиликлар ўз ифодасини топган. Бу ҳам сайловларни тенглик принципи асосида, шаффоф ўтишига кўмак беради. Улардан яна бири бу йил сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг шакллантирилганидир. Мазкур сайловларда жорий йил 20 миллион 600 минг нафар фуқаронинг овоз беришда қатнашиши кутилмоқда. Мулоқот давомида шу каби кўплаб мисоллар келтирилди.

Сайлов Кодексини ишлаб чиқиш пайтида 50 дан ортиқ илғор давлатлар тажрибаси ўрганилганлиги,халқаро ташкилотларнинг сайловларни кузатиш бўйича миссиялари, шу жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг тавсиялари ва Венеция комиссиясининг таклифлари ҳамда халқаро сайлов принциплари ва стандартлари асосида тайёрланганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Сайлов қонунчилигидаги бундай ислоҳотлар партиялараро соғлом рақобатни яратишга ва уларнинг янада фаоллашишига сабаб бўлмоқда, дейилди учрашувда. Яна бир муҳим масалалардан бири- бу фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилишдир.

Бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу йилги сайлов жараёнида сайлов комиссиялари аъзоларининг тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилганлиги, ахборот тизими бошқаруви учун республика бўйича 30 нафар тренер экспертлар томонидан ўқитилгани, 2250 нафар ҳудудий тренер ўқитилаётгани ва жами 34,000 дан ортиқ сайлов комиссияси аъзолари ўқитилиши режалаштирилаётгани таъкидланди.

Сайлов Кодексига асосан бугунги кунга қадар МСК томонидан низом ва йўриқномаларни тасдиқлашга оид 10 дан ортиқ қарор қабул қилингани айтиб ўтилди. Бундан ташқари қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланганлиги таъкидланди.

Ҳозирги кунда эса, МСК томонидан овозларни қайта санаб чиқиш, сайловчилар мурожаатларини кўриб чиқиш ва сайлов натижаларини эълон қилиш бўйича низом лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилгани қайд этилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот Хизмати

10.10.2019 32
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.