МСКнинг янги талқиндаги сайти ишга туширилди

Жорий йилнинг 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда МСК аъзолари, ОАВ ва сиёсий партиялар вакиллари иштирок этди.

Кун тартибидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномага ўзгартириш киритиш ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш каби масалалар ўрин олди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар бўйича сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш давом этмоқда. Шу кунга қадар МСКга 20 дан ортиқ ОАВ 200 дан зиёд журналист ва техник ходимларини аккредитациядан ўтказишни сўраб мурожаат қилди.

Шундан келиб чиқиб, тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитациядан ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ шу кунга қадар МСКга аккредитациядан ўтказиш юзасидан мурожаат қилган бир қатор ОАВ вакилларига мандатлар топширилди.

Шунингдек, мажлис доирасида Марказий сайлов комиссиясининг янги талқиндаги  elections.uz сайтининг тақдимоти бўлиб ўтди.  Сайт янги дизайда иш бошлади. Фойдаланувчилар маълумотларни излашда қийинчиликларга учрамасликлари учун раҳбарият ва комиссия аъзолари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунчилик, МСК қарорлари, янгиликлар, халқаро ҳамкорлик, эслатмалар ҳамда ОAВ учун керакли маълумотлар билан тўлдирилган алоҳида бўлимлар ташкил этилди. Маълумотлар ўзбек тилининг лотин ва кирилл ёзувларида ҳамда инглиз ва рус тилларида жойлаштирилади.

Шу билан бирга,  Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар кесимида ҳар бир сайлов комиссияси ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Бу эса вазирлик ва идоралар, ОAВ ҳамда фуқароларга барча сайлов комиссиялари билан алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Сайтда кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун ҳам алоҳида имкониятлар яратилди.

Бундан ташқари фойдаланувчилар олдинлари бўлиб ўтган сайлов ҳамда референдум натижалари билан ҳам танишиб боришлари мумкин.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати

25.10.2019 676