Сайлов жараёнидаги ўзаро ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади

2019 йилнинг 29 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўртасида Меморандум имзоланди.

Меморандумга кўра, тарафлар 2019 йил 22-декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) лавозими 1995 йилда ташкил этилган.

Омбудсман ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб боради. Вакил – мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.

Меморандумда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг мурожаатларини давлат органлари томонидан кўриб чиқилишида қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, шунингдек, сайловчилар ва номзодлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш назарда тутилган.

Томонлар ўз ваколатларидан келиб чиқиб, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, ҳусусан сайлов ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ҳамкорликда кенг жамоатчиликка етказиш, ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида ҳамкорликда мониторингларни амалга ошириш, қонунчиликка мувофиқ жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлов жараёнида ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилиш, сайловчилар ва номзодлардан тушаётган мурожаатларни ҳамкорликда кўриб чиқиш ва тегишли қонуний чораларни кўриш ҳамда сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатларини бартараф этиш борасида  тегишли давлат органлари билан ҳамкорлик қилади.

Мазкур Меморандумда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида томонлар ҳамкорликни қуйидаги тартибда амалга оширади:

- Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳлари ташкил этилади;

- Томонлар ваколатига кирувчи масалалар юзасидан тегишли маълумотларни (статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотлар) алмашади;

- Томонлар ҳамкорликда семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар, ОАВда чиқишлар ва бошқа тарғибот тадбирларини ташкил этади.

Томонлар ўртасида имзоланган Меморандум, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, шунингдек сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш бўйича ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 11-октябрда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш” ҳақидаги қарор ижросида ҳам муҳим ўрин тутади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

29.10.2019 555