“Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” қизғин паллага кирди

2019 йилнинг 1 ноябрь куни Тошкентда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида “Сайловда фаоллик асл ватанпарварликдир” мавзуида семинар ўтказилди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аьзолари,  Марказий сайлов комиссияси аьзолари ҳамда Тошкент давлат юридик Университети профессор ўқитувчилари иштирок этди. Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Худоёр Маматов – “Сайловлар – инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафолати”, Баходиржон Юнусов – “Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар”, Академик Нарзулла Жўраев – “Ўзбекистон сайлов жараёни – хориж нигоҳида” каби мавзуларда маъруза қилдилар. Иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари тингланди.

Сайловлар – фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли, уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим сиёсий тадбир. Сайловларни Конституция ҳамда қонунлар, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларнинг юксак сиёсий маданияти ва фаоллиги, фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ.

Хўш, юртдошларимизнинг сайлов қонунчилигига оид билимлари қандай, уларнинг жорий йил 22-декабрда  ўтадиган сайловларга бўлган қизиқишларичи?  “Ижтимоий” фикр жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровда қатнашган респондентларнинг  қарийб 80 фоизи  мамлакатимизда руй бераётган сиёсий жараёнларга қизиқади. 75 фоиз ўзбекистонликлар  Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловининг қачон ва қайси куни бўлиб ўтишидан хабардор.

Анжуманда таъкидланганидек, “Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир”. Бу тамойил сайлов кодексида белгилаб қўйилган.

Жорий йил 22-декабрда бўлиб ўтадиган ушбу сиёсий воқеликда 20 миллион 600 минг сайловчининг сайлов учаскаларига ташриф буюриб, ўз конституциявий бурчини адо этиши кутилмоқда. Яна бир ўрганиш натижаси: Аҳолига қуйидаги - сиз декабрь ойидаги сайловларда шахсан иштирок этасизми?, деган савол берилган. Респондентларнинг 79,7 фоизи ҳа, албатта қатнашаман дея жавоб берган. Демак, сайловларга ҳамюртларимиз катта қизиқиш билан қарамоқда. Чунки, ҳар бир сайловчи шу куни ўз келажаги, Ватан тараққиёти ва тикланишдан юксалиш сари одимлаётган  Ўзбекистон учун овоз беради.

Сайлов қонунчилигидаги янгиликларни мунтазам ўзлаштириб бориш мақсадга мувофиқдир. Шу боис, Марказий Сайлов Комиссияси аҳолининг кенг қатламлари, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўртасида, уларнинг сайлов жараёнида фаоллигини ошириш, сиёсий билим даражасини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида, 2019 йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача руспубликада “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни эълон қилди.

Учрашув қатнашчилари сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ўтказишда ҳар бир маҳалла ва қишлоқ, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли вакилларига ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг муҳим аҳамияти ҳақида аниқ ҳаётий мисоллар билан тарғиб қилиш бўйича фикр алмашдилар.

Шу мақсадда ҳар бир ташкилот, маҳалла ва меҳнат жамоаларидадавра суҳбатлари ва “Маьнавият соатлари”ни ўтказиш ҳамда  таркибий тузилмаларда фаолият юритаётган ходимларининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларининг нормалари ва принципларини, тараққий этган хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўзида мужассам этган миллий сайлов қонунчилиги бўйича тарғибот тадбирларини ўтказиш йўл-йўриқлари белгиланди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 

 

01.11.2019 152