Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Алан Дункан ташрифи

18 декабрь куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Алан Дункан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М.Истамов билан мулоқот чоғида меҳмон  мамлакатимиз миллий қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш амалиётини такомиллаштириш борасида киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан таништирилди. Сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраган яхлит қонун ҳужжати –Сайлов кодекси қабул қилинди. Уни ишлаб чиқиш жараёнида ўнлаб хорижий давлатларнинг, жумладан, Буюк Британиянинг ҳам сайлов қонунчилиги жиддий ўрганилди.

Кодексга биноан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилганлиги,  мамлакатимизнинг чет элларда яшаётган барча фуқаролар учун сайловларда иштирок этиш борасида кенг имкониятлар яратилгани “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини амалда татбиқ этишга хизмат қилади.

Сэр Алан Дункан сайловларга нафақат сиёсий воқеа сифатида, балки мамлакатнинг кейинги тақдирини белгилаб берувчи, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар оқимини йўналтирувчи, сўз эркинлигини таъминловчи жараён сифатида қараш кераклигини қайд этди.

Ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда  ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётгани хорижда ҳам кўпчилик томонидан эътироф этилмоқда.

Буюк Британияда ҳам бир ҳафта олдин сайловлар бўлиб ўтди. Овоз бериш жараёнлари  эркинлик, очиқлик ва адолат принциплари асосида   ўтказилиши демократиянинг муҳим шартларидандир. Сайловчилар овозлари сонини ҳисоблашда ҳам  адолат тамойилларига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.  Шундагина сайловлар адолатли ўтди, дейиш мумкин. Сайловларда ёшларнинг фаол иштироки уларнинг келажаги қандай бўлишини белгилаб беради.

Алан Дункан мазкур ташрифи доирасида сайловларда халқаро кузатувчи сифатида республикамизнинг қатор ҳудудларида бўлиши режалаштирилган.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

18.12.2019 450