САЙЛОВЛАРНИ ОАВ ОРҚАЛИ ЁРИТИШДАГИ МУҲИМ ВАЗИФАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Жорий йилда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг оммавий ахборот воситалари орқали ёритишни сифатли ва тезкор ташкил этишда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизматининг ўрни катта.

Шу боис Марказий сайлов комиссияси ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТ ТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Сайлов жараёнларини ОАВ орқали самарали ёритиш” мавзуида икки кунлик семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Марказий сайлов комиссияси ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир мақсади – миллий оммавий ахборот воситаларининг PR ва медиа материаллари сифатини оширишга, бўлажак президент сайловларини кенг ёритишга кўмаклашишдан иборат.

Тренинг словакиялик фасилитатор Иван Годарский, тажрибали тренерлар Беруний Алимов ҳамда Гулмира Шукуровалар томонидан олиб борилди.

Семинарнинг биринчи кунида “Сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда сайлов комиссияси Матбуот хизматларининг роли ва уларнинг ОАВ билан ҳамкорлиги”, “Сайлов жараёнларини ОАВ орқали ёритишда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” каби мавзулар иштирокчиларнинг муҳокама марказида бўлди.

Словакиялик эксперт Иван Годарский сайлов жараёнларини ОАВ орқали ёритишда МСК Матбуот хизматининг роли, жамоатчилик билан алоқалар ҳамда журналистлар билан ҳамкорлик қилишда халқаро тажрибани қўллаш амалиёти ҳақида сўз юритди.

Семинарнинг иккинчи қисмида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда сайловларни ёритишда ОАВда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўлларини амалий машғулотлар ёрдамида кўриб чиқдилар. Машғулотлар сўнгида аниқланган муаммо ва уларни бартараф этиш юзасидан билдирилган таклифлар умумлаштирилди. Тренерлар томонидан қайд этилганидек, ОАВ вакиллари ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши муҳим саналади. Бу борада Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот хизматидан журналистларни тўғри ва керакли маълумот билан таъминлашда тезкорлик талаб этилади.

Ўқув машғулотининг иккинчи кунида сайловлар даврида PR технологиялардан фойдаланиш, вужудга келиши мумкин бўлган инқирозли вазиятлардан чиқиб кетиш йўллари, сайловларни ёритишда журналист этикаси каби мавзуларда марузалар тингланди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини ёритувчи журналистлар учун ҳам онлайн тренинглар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

07.07.2021 213