Сиёсий партиялар МСКга имзо варақаларини тақдим этди

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро Матбуот марказида мамлакатимиздаги фаолият юритаётган сиёсий партиялар Сайлов кодексига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатлар ва сайловчиларнинг сиёсий партияни сайловлардаги иштирокини қўллаб-қувватловчи камида қирқ мингта имзоси бўлган имзо варақаларини тақдим этди.

Сайлов кампанияси эълон қилингандан кейин барча сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни олиб, сайловчиларнинг имзосини тўплашга киришган эдилар.

Сайлов кодексининг 38-моддасига мувофиқ, сайловчилар битта ёки бир неча партияни қўллаб-қувватлаб, имзо варақаларига имзо қўйишга ҳақли.

Сиёсий партияларга уларни ушбу тартибда имзоларни тўплашда имзо варақаларини бузиб қўйилиши, тўлиқ тўлдирилмаслигини инобатга олган ҳолда қўшимча имзо бланкалар ҳам берилди.

Мазкур тадбирларни ўтказиш тамойилга кўра, иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш Қонун билан таъқиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади.

Бунда сайловчи имзо варақасига ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйилган санани кўрсатади.

Имзо варақаси имзони тўплаган шахс томонидан ўз фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзоланади, шунингдек тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр босиб тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси cайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш муҳим аҳамиятга эга.

Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириши учун қирқ минг ва кўпи билан 10 фоиз қўшимча имзолар сиёсий партиялар томонидан тақдим этилади.

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилиб, текшириш ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида сиёсий партияларга олдиндан маълум қилинади.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини Марказий сайлов комиссияси томонидан текширилиши жараёнида иштирок этади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи тузилган.

Ушбу гуруҳ таркибига ички ишлар ва адлия органларининг хатшунос экспертлари, мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилган.

Эксперт гуруҳи аъзолари имзо варақасининг тўғри тўлдирилганлигига, тузатишларга йўл қўйилганига, ўчириб ёзилган тузатишлар борлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига, ўхшаш имзолар борлигига, тасдиқланган тузатишлар борлигига эътибор берган ҳолда ҳар бир имзо варақасини кўздан кечиради.

Визуал текширувда нуқсонлар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланган тақдирда ушбу имзо варақалари махсус асбоблар ёрдамида текшириш учун саралаб олинади.

Агар Маркизий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.

Сиёсий партиялар томонидан имзо варақаларидаги камчиликлар икки кунлик муддатда бартараф этилмаса ёхуд қўшимча имзо варақалари тақдим этилмаса, барча топширилган имзо варақаларидан ҳақиқий деб топилганлари инобатга олинади.

Марказий сайлов комиссиясига камчиликлари бартараф этилиб (қўшимча тўпланиб), тақдим этилган имзо варақалари тўлиқ текширилади ва уларнинг ҳақиқий деб топилганлари аниқланади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

10.10.2019 497